Менинг исмим Абдулла Солиб. Мен Яқин Шарқдаги бир мусулмон мамлакатида туғилиб ўсганман. Жуда кучли мусулмон жамиятида яшашимга қарамай оиламиз эркин мусулмон оиласи эди. Онам исломнинг суфизм мазҳабига муҳаббат қўйган аёл эдилар, шу сабабли менинг исломий тарбиям ҳам алоҳида ўзига хос эди. Шунинг учун замонавий ислом ҳаракатининг ҳар бир жиҳати бўйича шахсий тажрибага эга эдим, десам муболаға бўлмайди.  Мен шахсан ўзимни унчалик диндор одам деб ҳисобламасдим. Мамлакатимдаги ижтимоий иллатларга барҳам беришга ёрдам бериб қолар, деган умидда бир марта ҳатто марксизм ғояларига ҳам назар ташлаганман. Лекин, барибир, бу вақтлар давомида исломга бўлган эътиқодимга нисбатан менда ҳеч қачон шубҳа ёки иккиланиш бўлмаган. Мен исломни юксак идеалли дин деб ўйлардим, ўзимни эса муносиб мусулмон эмасман, деб ҳисоблардим. Бироқ исломни Худонинг инсоният учун берган энг охирги ва энг мукаммал дини, Қуръонни Худонинг сўнгги очиқлиги, Муҳаммад пайғамбарни эса Худонинг пайғамбарлик муҳри, деб чин юрагимдан ишонардим.

Мен бошқа динларга (айниқса яҳудизм ва масиҳийликка) пастроқ назар билан қарардим. Уларнинг асоси бир хил бўлиб, битта Худодан келиб чиқишига қарамай, уларни исломдан пастроқ деб ҳисоблардим, чунки уларнинг асосчи-пайғамбарларининг асл мактублари қайсидир даражада ўзгартирилган, мусулмонлар эса бу нарсани қилмаганлар, деб ўйлардим.

Юртимда фуқаролар ўртасидаги тартибсизликлар кучайиб кетиши сабабли ўқишимни давом эттириш учун Европага кетдим. Худо насиб этиб ва баъзи шароитлар туфайли Халқаро Масиҳийлар Мактабига ўқишга жойлашдим.

Бир куни ўқитувчимга берган саволим туфайли менинг дунёқарашимни ўзгариб кетди. “Қандай қилиб сиздаги Худонинг Каломи бир нарсани айтса, биздаги Худонинг Каломи эса бошқа нарсани айтади?”- деб сўраганимда, ўқитувчимиз: “Ҳақиқатни қидириб топиш керак”, – дедилар. Бу жавобдан ҳангу манг бўлиб қолдим. Мен шунақа оламда яшаган эдимки, бу жойда ҳамма Қуръоннинг Худо томонидан Муҳаммад пайғамбарга айтиб туриб ёздирилганига сўзсиз ишонардилар, ҳеч кимда бу ҳақда бирор шубҳа ҳам бўлмаган. Шу кичкина воқеа менинг диний изланишларимни бошлашга, масиҳий дўстларим билан нима тўғри-ю, нима нотўғрилиги ҳақида, масиҳийлик имони ҳақида соатлаб давом этган баҳсларни бошлашга ундади.

Масиҳийлик ва Ислом

Деярли бошқа ҳамма мусулмонлар каби мен ҳам масиҳийларнинг Исо Масиҳ ҳақида айтган гапларига биринчи жуда қаттиқ ҳайратга тушдим. Булар менга фақат оддий куфргина эмас, балки ақлга сиғмас бемаънилик бўлиб ҳам туюлди. Қандай қилиб бошида ақли бор одам Худонинг ҳурматли пайғамбари ҳақида шундай гапларга ишониши мумкин? Лекин дўстларим билан ўртамизда жуда катта теологик фарқ борлигига қарамасдан, уларнинг ҳаётида ва эътиқодида менинг диққатимни тортадиган бир нарса бор эди. Уларнинг Худо билан ва бошқа одамлар билан муносабатида мен олдин ҳеч кўрмаган самимийлик бор эди.

Шунинг учун уларга доим: “Мен сизнинг эътиқодингизни нотўғри демоқчи эмасман, лекин қандайдир ўзаро муросага келишни хоҳлайман, шунда мен ҳам ислом динида, сиз ҳам ўз имонингизда давом этаверасиз”, - дердим.

Лекин нима бўлганда ҳам уларнинг Исо ҳақидаги гапларини Исо пайғамбарнинг Ўзи ҳеч қачон айтмаганлигига шубҳам йўқ эди. Менинг масиҳийликни тушунишдаги қийинчиликларим ислом билан масиҳийликни ажратган тарих йўллари билан қаттиқ боғланган эди.

Мен Инжилдаги ҳужжатларнинг, айниқса, Исонинг гаплари ёзилган  жойларининг ишончли эканига ҳеч қанақасига ишонолмасдим. Инжилдаги Қуръонга мос келмайдиган ҳар қандай ёзувларни бузилган таълимот сифатида автоматик равишда рад этардим.

Руҳий изланишларим бир неча ой давом этди. Кўпинча Қуръондан юпанч топардим. Лекин шу билан бирга бу китобда жавоб топишдан кўра кўпроқ саволларга ҳам дуч келдим. Масалан, Қуръондаги баъзи оятлар, айниқса, имонсизларга ва шу қатори яҳудий ва масиҳий одамларга қарши ёзилган оятларни Инжилдаги севгига урғу бериб ёзилган оятлар билан солиштирганимда, бу мени ташвишга сола бошлади. Шулардан бири Моида сураси (5-сура) 51-оят эди. Кўп масиҳийлар билан яхши дўстона алоқам бўлгани учун бу оят мени қаттиқ ташвишга солди.

 “Эй имон келтирганлар! Яҳудийлар ва насронийлар билан дўст тутинмангиз! (Уларнинг) баъзилари баъзилари билан дўстдирлар. Сизлардан кимки, улар билан дўст тутинса, у албатта улардан (бўлиб қолур). Албатта, Оллоҳ золимлар қавмини ҳидоят қилмагай”.

Аммо Қуръоннинг энг қийин ва хавотирли қисмлари Муҳаммад пайғамбарнинг табиатига боғлиқ оятлардир. Аҳзоб Сураси (33-сура) 37-оятга кўра, Худо Муҳаммадга ўз асранди ўғлининг ажрашган хотинига уйланиш хоҳишини амалга оширишга рухсат беради: “Токи мўминларнинг асранди болалари ўз хотинларидан ҳожатларини адо этишгач (талоқ қилишгач), уларга уйланишларида қийинчилик бўлмаслиги учун (шундай қилдик). Оллоҳнинг амри эса бажарилувчидир”.

Қуръонни ўқий туриб шу оятга биринчи марта дуч келган вақтимни аниқ эслайман. Ўшанда уят ва аламдан қаттиқ йиғлай бошладим. Қуръонда “очиқликлар” айнан пайғамбарнинг манфаатига хизмат қилганлигини кўрсатувчи кўплаб мисоллар бор бўлса-да, шу пайтгача бутун ҳаётимда менга Муҳаммад ҳақида “энг бенуқсон инсон ва бутун инсоният учун юксак маънавий намуна”, деб айтиб келишган эди!

Масиҳийлик ёки Ислом

Тезда уйга онамга мактуб йўллаб, мен дуч келаётган ва мени ташвишга солаётган шу каби саволлар ҳақида ёздим. Таниқли бир дин арбобидан менга жавоб хати келди ва у ўз хатида диний нарсаларга кўпам эътибор бермасдан, фақат дунёвий билимлар олишда давом этишим кераклини ёзган эди. Бошқа томондан эса менинг Инжил ҳақидаги билимларим анча ўсгани боис кўп саволларимга жавоб топа бошлаган эдим. Ҳатто мусулмон бўлишимга қарамасдан Масиҳнинг хочга михлангани рад этиб бўлмас тарихий факт эканига ишона бошладим. Тарихий далиллар билан ишлайдиган ҳар қандай виждонига қулоқ солувчи инсон буни рад эта олмасди.

Исо Масиҳнинг Ўзи ҳам Ўз табиати билан, масалан тоғдаги ваъзида кўрсатган Унинг юраги, менда катта таассурот уйғотиб борарди. Бироқ Масиҳ ҳақидаги мени энг ҳайратда қолдирган нарса бу Тавротда Халоскор Масиҳнинг келиши ҳақидаги сон-саноқсиз кароматлар эди. Бу кароматларнинг баъзилари шунчалик ўзига хос бўлиб, уларнинг барчаси Исонинг ҳаётида тўла амалга ошган эди. Бу орқали эса Худонинг яҳудийлар тарихида юзлаб йиллар давомида Масиҳнинг келишига ҳозирлик кўрганини кўриш мумкин эди ва бу мени ҳайратга солди. Масиҳнинг насл-насаби, қай йўсинда ва қаерда туғилишидан бошлаб, Унинг ҳаёти,  фаолияти ва хочга михланиб ўлдирилишидаги ҳолатларгача башорат қилинган. Исо мени Ўзига мафтун этган эди, лекин мен барибир ўз урф-одат ва ўтмишимни рад этолмасдим. Агар масиҳийликни қабул қилсам, оилам ва исломий меросларга хиёнат қилган бўламан, деб ўйлардим. Шунчалик танг аҳволда қолган эдимки, ўзимни гўё бу икки имон ўртасида иккига бўлиниб қолган одамдек ҳис қилардим.

Лекин мен ҳали ҳам Исони инсондан кўра буюкроқ кимдир деб қабул қила олмасдим. У ҳеч қачон тўғридан-тўғри: “Мен Худоман ва сиз Менга сажда қилишингиз керак”, — демаган эди. Шунинг учун масиҳийлар Исога тахминий ва тарихан ишончсиз бўлган Хушхабар китоблари асосида  ишонишади, деб ҳисоблардим. Исони тасвирловчи ажойиб гаплар анча кейинги масиҳийлар томонидан кашф қилиниб, кейин буларни Исо айтган деб чиқаришган, деб ўйлардим.

Мусулмонликдан Масиҳийликка

Шундай ташвишли ўйларда юрган пайтларим эди. Бир куни эрталаб уйғондим ва Ишаъё пайғамбар ёзган китобнинг тўққизинчи бобидаги бир оят мазмуни тўсатдан миямга чақмоқдек урилди. Мен бу оятни бир неча ҳафта илгари ўқиган эдим, лекин унинг маъносини ҳалигача уқмаган эдим. Унда шундай дейилади:

 “Худованднинг Ўзи сизларга белги берур: “Қиз ҳомилали бўлғай ва ўғил туққай, Унинг исмини эса Иммануил қўюрлар”.

Ишаъё тўққизинчи бобда яна давом этиб дейди:  “... келажакда У (Худо) денгиз бўйлаб ўтган йўлни, Ўрдун ортидаги мамлакат — мажусий Жалилани улуғлайди. Зулматда юрган халқ буюк нурни кўради. Ўлим сояси мамлакатида яшаётганлар устидан буюк нур порлайди. Чунки биз учун Чақалоқ туғилади. Бизга Ўғил берилади. Унинг елкаларига ҳукмронлик юкланган ва Уни шундай исмлар билан атайдилар: Ажойиб Маслаҳатчи, Қудратли Худо, Барҳаёт Ота, Тинчлик Шаҳзодаси. У ўрнатган ҳукмронликнинг ва тинчликнинг чеки йўқ. У Довуднинг тахтида ўша кундан то абад ҳукмронлик қилади”.

Мен бунга ишона олмасдим! Наҳотки нажоткор Масиҳ шунчаки бир пайғамбар эмас, балки Қудратли Худонинг Ўзи бўлса! Наҳотки бу ҳақиқат Масиҳдан бир неча йиллар ёки асрлар кейин эмас, балки Унинг келишидан етти юз йил олдин Тавротда каромат қилинган бўлса! Бу Худованднинг ваъдаси эди. У танада келишга (Иммануил = Худо биз билан) ва абадий давом этувчи Ўз Шоҳлигини ўрнатишга ваъда берган эди.

Мен кейинги кун 1985 йил 20 январда Масиҳга имон келтирдим. Масиҳга мурожаат қилиб ибодат қилар эканман ўзимни тўхтатолмай тинмай йиғлардим. Гуноҳнинг оғир юкини ҳеч қачон ҳис қилмаган бўлсам-да, лекин нимагадир чексиз тинчлик ва гуноҳнинг оғир юкидан озод бўлганимни ич-ичимдан ҳис қилардим. Ниҳоят, Худонинг ҳақиқатини ва Исо Масиҳда инсониятга кўрсатган севгисини топишим орқали келган ором ҳаммасидан ҳам буюкроқ лаззат эди. Масиҳнинг илоҳийлиги ва Инжил ҳужжатларининг қанчалик ишончли эканлиги ҳақидаги саволларимга жавоб топишда Жош Макдаулнинг “Эътирозсиз Гувоҳликлар” («Неоспоримые свидетельства») китоби (ва деярли мен билан бир вақтда Масиҳга имон келтирган бошқа мусулмон дўстларим) менга катта ёрдам берди. Мен шу китобни ўқишни тавсия қиламан.

Ҳаётимдаги бу қувончли ўзгаришдан кейин мен Масиҳ ҳақидаги Хушхабарни бошқа мусулмонлар ҳам, айниқса, юртимдаги одамлар ҳам билиши керак деб ўйлай бошладим ва ҳаётимнинг қолган қисмини шу ишга бағишлашга қарор қилдим. Кейинроқ Қўшма Штатларга бориб Инжил ва Теологияшунослик бўйича ўқиб, бакалаврлик ва магистрлик дипломларини олдим. Шунингдек, “Исломга Жавобан: Хоч Нурида Ўсиб” китобига ҳамкормуаллиф бўлдим.

Абдулла Солиб, 1996 йил Рамазон ойи




Leave a Reply.