Мен оддий бир инсонман. Покистондаги бир бой оилада туғилганман. Лекин атиги бир неча ойлик бўлганимда отам мени Саудия Арабистонига олиб келганлар. Олти ёшлигимда онам оламдан ўтдилар. Вояга етар эканман, деярли ҳамма ҳаётининг қайсидир босқичида дуч келадиган саволлар, жуда кўп саволлар менда ҳам туғила бошлади. Нимага бу оламдаман? Қаердан келдим? Ҳақиқатан Худо борми ва агар бор бўлса, У қаерда? Нимага У гапирмайди?

Қуръонни ўн икки ёшимдан ўрганишни бошлаганман. Кейинроқ Муҳаммад пайғамбарнинг ҳаёти, Ҳадис ва шу каби бошқа исломий китобларни ҳам ўқий бошладим. Саудия мусулмонларининг кўпчилиги бўлгани каби мен ҳам ваҳобий ёки аҳли Ҳадис эдим. (Усама бен Ладен ҳам шулардан.) Бу мусулмонлар ичида энг экстремали ҳисобланади, мен ҳам шундай бўлганман.

Мен “ислом – жаннатга бориш учун ягона йўл” деб таълим олганман. “Агар буни, ёки уни қилсанг, жаннатда жуда, жуда кўп марҳаматларга эга бўласан”, — дейишган менга. Шундай қилиб, мен ислом дини экстремистига айланган эдим.

Мен ўзим қилаётган ишларнинг тўғрилигига ишонардим. Агар тўғри бўлса, унда буни кавлаштиришнинг ҳеч хавфли жойи йўқ, дея ўйладим бир куни. Шундай қилиб Қуръон ва Ҳадисдан пайғамбарлар ҳақида синчиклаб ўқий бошладим, саволларимга жавоб ахтардим. Лекин мени Исо Масиҳ шахси бошқалардан кўра кўпроқ қизиқтириб қўйди. Масиҳийлар Исо Масиҳни Худонинг Ўғли деб ишонишлари ҳақида эшитган эдим. Нимага улар бунга ишонишади, деб роса ҳайрон бўлдим. Шунинг учун Исо ҳақида кўпроқ билишга киришдим. Бир вақтлар мен билан бирга ўқиган бир масиҳий дўстим бор эди. Ундан Инжилини менга беришини сўрадим. У бунга ажабланди ва деди: “Кечирасан, уни олишинг мумкин эмас”. “Буни ҳеч ким билмайди, бу фақат икковимизнинг орамизда қолади”, — дея уни кўндирдим. Лекин отам Инжил ўқиётганимни, бу нарса бизнинг уйимизда содир бўлаётганини билиб қолдилар. Улар бундан қаттиқ ғазабландилар. Менинг фақат битта масиҳий дўстим борлигини билгани учун, отам тоғам билан бирга мени ўша дўстимнинг уйига олиб боришди ва уларга дўқ уриб дейишди: “Агар бу нарса яна такрорланса, яна мусулмон боласига масиҳийликни тарғиб қилишга уринсангиз, огоҳлантириб қўяй, кейин пушаймон бўласиз. Биз ислом полициясига (мутавага) бу ҳақда шикоят қиламиз ва сиз бу мамлакатдан умрбод бадарға қилинасиз”. Мен жуда хавотирга тушдим. Ахир дўстимнинг оиласини бундай аҳволга солмаслигим керак эди.

Отам билан тоғам мени ҳам огоҳлантириб, ҳар доимгидай кунига беш марта номоз ўқишим ва бир марта мачитга чиқишим кераклигини уқтиришди. Мен улар айтганидай қилдим. Кўпинча мачитда ҳеч ким йўқлигида йиғлардим ва Худодан “менга кўрсат, бу Исо ким, Сен Ўзинг кимсан?” деб сўрардим. Бир куни Зуҳар номози (тушки номоз) пайти эди, мен мачитда номоз ўқиб турардим. Ўша вақтда Исо Масиҳ ҳақида ўйламаётган эдим. Бирдан биз номозда бош эгадиган ерда бир чиройли кишининг сиймоси кўринди. Мен ҳангу манг бўлиб қолдим. Бунақа нарсани олдин ҳеч кўрмаган эдим. У гўё сувда турган қиёфага ўхшарди. Ички бир овоз менга Унинг Исо Масиҳ эканини айтди. Бу Раббий!

Бу қандай бўлиши мумкин, бу нима бўлиши мумкин, дея қаттиқ хавотирландим; Қуръонда Оллоҳ — ягона ва Ундан бошқа худо йўқ, деб ўрганган эдим, лекин масиҳийлар Исо Масиҳни Худонинг Ўғли ва Унинг Ўзини ҳам Худо деб тан оладилар. Бу эса исломда кечириб бўлмас гуноҳ ҳисобланади. Мана шу сабабли мен номозимни охирига етказмай, туриб кета олмадим. Уни тугатганимдан кейин бу ҳақда ўйлай бошладим. Исо Масиҳни билишга бўлган чанқоғим борган сари ошиб борарди.

Менда энди Инжил йўқ эди. Бир куни дўстим билан дўконларни айландик, кейин мен интернет-кафега кирдим. yahoo.com сайтини кўра туриб, бирдан ҳаёлимга бир фикр келди: “Исо ким?” деган саволни ёзсам-чи? Шундай ҳам қилдим ва кўплаб web-сайтлар рўйхати чиқиб келганини кўриб жуда хурсанд бўлиб кетдим. Энди Исо Масиҳ ҳақида шу ердан қидириб топа оламан.

Бир web-сайтда Исонинг кимлиги, Эски Аҳдда У ҳақда айтилган башоратлар ва Янги Аҳдда бу башоратларнинг ажойиб тарзда амалга ошгани ҳақида жуда яхши маълумотлар берилган экан.

Булардан ҳайратга тушдим. Исо Масиҳни қандай ва нима учун  қабул қилиш кераклигини ҳеч қачон билмаган эдим. Бу сайтга кирганимдан жуда хурсанд эдим. Бу web-сайтга тез-тез кириб турадиган бўлдим. Бир куни Исони қабул қилишга қарор қилдим ва web-сайтда берилган тавба ибодатини қилдим. Ундан кейин ҳам: “Тўғри қилдимми ёки йўқ? Кечирилмас гуноҳга қўл урдимми? Энди мен ҳеч қачон жаннатга бора олмайманми?” деб ўйлай бошладим.

Мачитга ибодат учун борганимда Исо Масиҳнинг ўша қиёфасини ҳали ҳам тез-тез кўриб турардим. Бир куни қисқа йўлдан дўконга қараб борар эдим. Бу йўлда одам йўқ эди. Мен ўйланиб, Худодан қилаётган ишим тўғрими, дея сўраб борардим. Шунда орқамдан бир овоз эшитилди: “Ўғлим, сен тўғри йўлдан боряпсан”. Ҳайрон бўлдим. Бундай ҳолат менда аввал ҳеч содир бўлмаган эди.

Муқаддас Китобни таниб-билганим сари мен ўзимни бахтлироқ ҳис қилардим. Ундан кўп нарсаларни ўргандим. Масалан, у ерда шундай ёзилган: “Агар сен ўнгга ёки чапга оғиб кетсанг, қулоқларинг сенинг орқангдан айтилаётган сўзни эшитади: ‘Мана йўл, ундан бор’”.1

Яна бошқа жойида эса шундай дейди:

“Зеро Мен сен учун тузган режаларимни биламан, — дейди Худованд,— бу режалар сени яшнатиш учун, сенга зиён етказиш учун эмас, бу режалар сенга умид ва келажак беради. Кейин сен Мени чақирасан,  Менга келасан ва Менга ибодат қиласан, Мен эса сени эшитаман. Сен Мени қидирасан, бутун қалбинг билан Мени қидирганингда Мени топасан”.2

Худо менга содиқ!

Қуръондан илк ота-онамиз — Одам Ато ва Момо Ҳаво гуноҳ қилмасларидан олдин жаннатда яшаганлари ҳақида ўрганган эдим (Библияда ҳам худди шундай ёзилган). Лекин Қуръонда Худо уларнинг гуноҳларини ўша пайтдаёқ кечиргани айтилган. Мен бу ҳақда мусулмон дўстларимдан сўрадим: “Агар уларнинг гуноҳлари кечирилган бўлса, нега унда шафқатли ва меҳрибон Худо уларга жаннатда қолишга рухсат бермади? Бу Худо уларни кечирмаганини билдирмайдими?”

Агар, Қуръонда айтилганидай, Таврот, Забур ва Инжил Худонинг Каломи бўлса, унда улар қандай қилиб ўзгариши мумкин? Агар, ислом дини олимлари таъкидлаганидек, улар ўзгарган бўлса, унда уларни ким ва нима учун ўзгартирган? Улар Библия ўзгарганини эълон қилишиб бундан жуда хурсанд бўлишади, лекин агар ҳақиқатни билишни хоҳласак, ўзимизни камтар олиб, биз ишонадиган нарсалар ҳақиқатан тўғрими ёки нотўғри, деб самимий юрак билан қидиришимиз керак эмасми? Агар Библияни қидирмаганимда ва Худодан ҳаётимни бошқаришини сўрамаганимда, ҳозир мен қаерларда бўлардим? Ҳеч ким саволларга Инжилдаги Худочалик жавоб бера олмайди.

Қуръонда баъзи ваҳийлар олиб ташланиши ёки эсдан чиқарилиши ёзилган.3

Бу нима дегани? Тўғриси, бу Библияда айтилганларга бутунлай зид.

Библиянинг Таврот қисмида, Сонлар китоби 23-боб, 19-оятда шундай ёзилган: “Худо инсон эмаски, алдаса, одам боласи эмаски, фикрини ўзгартирса”.

Забур 30:6 да эса: “Руҳим Сенинг қўлингда омонатдир. Сен менга эркинлик берасан, эй Худо, эй ҲақТаоло!” дейилади.

Инжил, Юҳанно Хушхабари 17:17 да айтилади: “Уларни ҳақиқатинг билан муқаддас қилгин. Сенинг каломинг — ҳақиқатдир”.

Библиянинг ҳеч бир оятида Худо Ўз Каломини ўзгартиради ёки ҳийла ишлатади ёки одамларни адаштиради, деб айтилган жумлани топмадим.

Қуръон бизга барча пайғамбарларга ва нозил этилган китоблар — Таврот, Забур, Инжил ва ҳатто Дониёр китобига ҳам ишонишимиз кераклигини айтади. Агар уларга, улар Худонинг сўзи эканига ишонмасак, мусулмон эмасмиз. Аввал ухлашдан олдин Бақара сураси 285-оятда ёзилганлари бўйича ибодат қилардим. Агар Қуръонни ўқисак, унда Библияни ҳам ўқишимиз керак, зеро у ҳеч қачон ўзгармайди.

Библияни ер юзидан йўқ қилиб ташлаш учун қанча куч ва уринишлар бўлган, бироқ бунинг уддасидан чиқа олишмаган. Бу эса Худо Ўзига тегишли бўлган нарсани қандай сақлашни ва ҳимоя қилишни жуда яхши билишини яна бир бора тасдиқлайди. Мен “Библия ўзгарган”, деб айтувчилардан буни далиллар билан исботлаб беришларини сўраган эдим. Юзлаб олимлар уни ўрганишди ва унинг аниқ ва ишончли эканини тасдиқлашди.

Библияда ёзилган башоратлар бугунги кунимизда ҳам амалга ошмоқда. Бу энг ҳайратланарли нарсалардан бўлиб, китобнинг муаллифи Худонинг Ўзи эканини тасдиқлайди. Бу оламнинг Яратувчиси келажакда нималар бўлишини билади. У буларни худди башоратчи каби башорат қилмайди, балки аниқ билади.

Исо билан Муҳаммад ўртасидаги фарқларни тушуниш ҳам одамни ҳайратда қолдиради. “Азалда Калом бор эди, Калом Худо ҳузурида эди, Калом Худо эди!”4 дейди Инжил. 

Нима учун Исо Масиҳ Оллоҳга энг яқин тутилиб Хушхабар, Каломуллоҳ деб аталади-ю, Муҳуммад ҳақида бунга ўхшаш ҳеч нарса айтилмайди?

Марям сураси 19:

У (Жаброил) айтди: “(Қўрқмагин), мен фақат сенга бир покиза ўғил ҳадя қилиш учун (келган) Парвардигоринг элчисидирман, холос”.

Нима учун покиза ўғил?

Ал-Бухорий Хадислари 4.506 да Абу Ҳурайро шундай ҳикоя қилади: Пайғамбар айтдилар: “Ҳар қандай инсон боласи туғилганида, шайтон икки бармоғи билан унинг иккала томонига тегади. Лекин Марям ўғли Исога шайтон тегмоқчи бўлганда, бунинг уддасидан чиқолмади, бунинг ўрнига у йўлдошга тегди”.

Ал-Бухорий Ҳадислари 4.641

Саид бин Ал-Мусайёб ҳикоя қилади:

Абу Ҳурайро дедилар: “Оллоҳнинг ҳаворийси шундай деганини эшитдим: Одам Атодан туғиладиган ҳеч ким йўқки, шайтон унга тегмаса. Шунинг учун чақалоқ шайтон унга теккани учун туғилаётганида чинқириб йиғлайди, лекин Марям ва унинг ўғли бундан мустасно”.

Хўш, нима учун Исо Масиҳ айбсиз ва гуноҳсиз бўлган, Муҳаммадга эса шайтон тегиб, гуноҳли ҳаёт кечирган? Қуръонда кўп маротаба Муҳаммад гуноҳлари учун тавба қилгани эсланади. Қуръонни тушуниб ўқийдиган ҳар бир мусулмон буни жуда яхши билади.

Инжилда яна Исо Масиҳ мўъжизалар яратгани ва фақатгина Худо қила оладиган кўплаб бошқа нарсаларни қилгани ҳақида айтилади. Нима учун Худо айнан Унга фақатгина Ўзи қила оладиган бу нарсаларни қилишга рухсат берди. Нима учун Унга ўликларни тирилтириш, касалларга шифо бериш, бўронни тинчитиш, 3та нон ва 2та балиқ билан беш мингдан кўпроқ одамни тўйдира олиш ва бошқа иқтидорларни берди? Нима учун?

Нега Муҳаммад буларни ҳеч қачон қилмаган? Ҳатто ўша пайтда кўпчилик ундан мўъжиза кўрсатишни сўраганида ҳам, у буни рад этган. Қуръонда фақат битта мўъжиза — унинг ойни иккига бўлгани қайд қилинган. Лекин бу инсониятга қандай фойда келтирди?

Исо Масиҳ туғилишидан олдин бокира қиздан бегуноҳ бола туғилаётгани ҳақида хабар бериш учун фаришталар юборилган. Аммо Муҳаммад исломда пайғамбарларнинг энг буюги бўла туриб ҳам бундай нарсага сазовор бўлмаган. Нима учун Муҳаммад ҳақида шунга ўхшаш ҳеч нарса айтилмаган?

Агар Худо ҳақиқатан ҳам бокира қизни туғдира олган бўлса, унда нима учун У Исони Ўғлим деб атай олмас экан?

Қуръонда “инсоният учун очиқлик ва раҳм-шафқаткелиши”5 ҳақида ёзилган. Ҳатто Муҳаммаддан кейин ҳам бутун инсониятга очиқлик ва раҳм-шафқат келади. Нима учун? Нима учун бундай фармон этилган? Дунё учун қанақа раҳм-шафқат? Қуръон бу саволга жавоб бермайди. Мусулмонлар Худонинг инсоният учун раҳм-шафқати ҳақида билишлари Инжилни (Хушхабарни) ўқишлари керак бўлади.

Инжил, Марк 10:46,47да шундай ёзилади: “Йўл чеккасида Тимейнинг ўғли кўр Бартимей садақа сўраб ўтирган эди. У носиралик Исо ўтиб кетаётганини эшитиб: “Эй Довуд Ўғли Исо, менга раҳм қил!” деб бақира бошлади”.

Янги Аҳдда яна шундай дейилади: “Абадий ҳаёт учун Раббимиз Исо Масиҳнинг марҳаматига кўз тутиб, ўзингизни Худонинг меҳр-муҳаббати соясида сақланглар”.6

 “Раббимиз Исо Масиҳнинг Отаси Худога ҳамду санолар бўлсин! У бизга беҳад раҳм-шафқат кўрсатди, Исо Масиҳнинг тирилиши асосида бизни янгидан туғилтириб, тирик бир умидга эга қилди”.7

Раббий Исо Масиҳ нафақат Ўз даври ва Ўзи яшаган жой одамлари учун Худонинг марҳамати саналади, балки У БУТУН ИНСОНИЯТ, ҲАТТО МУҲАММАДДАН КЕЙИНГИ ДАВР ОДАМЛАРИ учун ҳам Худонинг раҳм-шафқатидир.

Библия орқали шуни биламизки, биз гуноҳкормиз ва Худодан узоқлашганмиз. Исо Масиҳ — бизни Худо билан яраштира оладиган ягона йўл, чунки У бегуноҳ бўла туриб биз учун гуноҳга айланди, яъни бизнинг гуноҳларимизни Ўзига олди.

Исо Масиҳ гуноҳларимиз юкини Ўзига олди ва биз учун гуноҳга айланди. Инжилда: “У ўғил туғади ва Унинг исмини Исо қўясан, чунки У Ўз халқини гуноҳларидан қутқаради”,8 деб ёзилган.

Кўплаб одамларга У: “гуноҳларинг кечирилди”, деб айтган. Бу эса Исо одамларнинг гуноҳлардан озод бўлишларини хоҳлаганини кўрсатади. Исо уларнинг гуноҳларини Ўзига олиш учун туғилди.

Янги Аҳддан яна ўқишимиз мумкин: “Худо бизни Ўзига маъқул, солиҳ деб билиш учун, гуноҳни ҳеч билмаган Масиҳни биз учун гуноҳга айлантирди”.9

Кўплаб одамлар Исо Масиҳда Худонинг марҳаматини топишди ва ўзгаришди. Улардан бири — менман. Кўпчилик мўъжиза, ҳокимият, адолат ва Ҳақиқатни, ягона Ҳақиқатни улар мавжуд бўлмаган жойлардан излайди. Худонинг йўлини нафақат биладиган, балки Ўзи Йўл бўлган Ўша Зот билан учрашгунимга қадар мен ҳам шундай қилар эдим. Мана Исонинг сўзлари: “Мен йўл, ҳақиқат ва ҳаётдирман. Менсиз ҳеч ким Отанинг олдига боролмайди. Агар Мени билсангиз, Отамни ҳам биласизлар. Бундан буён Уни биласизлар, Уни кўргансизлар”.10

Муҳаммад ва мусулмонлар ҳар куни кўп маротаба ўзларининг ибодатларида Худонинг ёрдами ва бошқарувини сўраб ибодат қиладилар. Энг ажабланарлиси, исломнинг энг сўнгги ва энг буюк пайғамбари ҳам вафотига қадар шуни сўраб ибодат қилган.11

Муҳаммад тўғри йўлда бўлганми? Ислом тўғри йўлми? Мен ҳар бир мусулмон ўзидан сўраб кўришини хоҳлардим: Қилаётган ишларим ҳақиқатан тўғрими? Булар мени жаннатга олиб борадими? Қуръонда кўп маротаба “жаннат Худо Ўзи хоҳлаган одамлар учун”лигини билишимиз мумкин. Масалан, улардан бири Нур сураси 14:

“Агар сизларга дунё ва охиратда Оллоҳнинг фазли бўлмаса эди, албатта, сўзлаган лофингиз сабабли сизларни улкан жазо тутган бўлур эди”.

Тавба сураси 111: “Оллоҳ мўминлардан жонлари ва молларини жаннат эвазига сотиб олди”.

Бундан нимани тушунсак бўлади?

Моида сураси 35: “Эй, имон келтирганлар! Оллоҳдан қўрқингиз ва Унга васила излангиз (яқинлашингиз) ҳамда Унинг йўлида жидду жаҳд қилингиз, токи толе топурсизлар”.

Худо ҳар биримизга руҳий чанқоқлик берсин ва биз Унга руҳий озуқа ва нажот беришини сўраб мурожаат қилайлик! 

Кўплаб Қуръон оятларидан фойдаланган ҳолда мен мусулмон биродар ва опа-сингилларимга Қуръон бизга аслида нима қилишимизни айтмоқчилигини кўрсатдим.

Жаннат савоб ишлар орқали сотиб олинадиган жой эканлигига ишонмайман. У ерга фақат Худонинг раҳм-шафқати ва инояти орқали бориш мумкин. Бу жуда оддий: Унинг олдига камтар ва самимий юрак билан келинг. Унинг юзини қидиринг ва ўзингизни Унинг қўлларида топширинг!

Биз Исода янги ижодга айланамиз. Бу анча илгари ёзилган, аммо бугун ҳам ҳақиқат. Бизни яратган Зот зеҳнимиз ва фикрларимизни ўзгартира олади. У юрагимиздаги бўшлиқни қандай тўлдиришни билади ва Худога олиб бориш учун ягона Йўл бўлган Исо Масиҳда руҳий ҳаётимизни қайта тиклайди. Шундай экан, азиз биродарлар ва опа-сингиллар, Унинг ажойиб севгисини қабул қилиш учун юрагингизни ва зеҳнингизни очинг.  Исо Масиҳни ҳаётингизга қабул қилинг ва кейин нима содир бўлишини кўрасиз. Бутун борлиқдаги энг муҳим воқеа содир бўлади.  Қандай қийинчиликда бўлмайин, У ҳар доим мен билан бирга ва ҳеч ким ҳеч қачон менга У каби далда бера олмайди. У менга Ўзининг барҳаёт эканини ва бизни қаттиқ севишини кўрсатди. Ўз Ўғли Исо Масиҳни мен учун, барчамиз учун юборгани ва жаннатга боришимиз учун ажойиб ва улуғвор кўприк барпо қилгани учун мен Худодан миннатдорман ва Уни улуғлайман!

У билан қандай қилиб муносабат бошлашни тушуниш учун Худони Шахсан Таниб-Билишга га қаранг.

(1) Ишаъё 30:21
(2) Еремия 29:11-13
(3) Бақара сураси 2:106
(4) Инжил, Юҳанно 1:1
(5) Марям сураси 21
(6) Яҳудо 21
(7) 1-Бутрус 1:3
(8) Инжил, Матто 1:21
(9) 2-Коринфликлар 5:21
(10) Юҳанно 14:6
(11) Фотиҳа сураси 3




Leave a Reply.