Келинг, Исо Масиҳни дунёнинг бошқа динларидан ажратиб турадиган асосий фарқли жиҳатларини қисқача кўриб чиқамиз.

  1. Исо Масиҳ биз билан муносабатга киришади. Бирон кимса билан муносабат қилишда фақат сиз доим ташаббусни қўлга олган ҳолат ҳаётингизда ҳеч бўлганми? Бундай муносабат одамни чарчатади ва узоққа чўзилмайди ҳам. Лекин ҳақиқий дўстлар бир-бири билан мулоқотдан қувонадилар, бир-бири учун вақтларини ва кучларини аямайдилар. Инсон ўз Худосига етишиш учун ҳаракат қиладиган бошқа динлардан фарқли ўлароқ, Масиҳда Худонинг Ўзи одамларга яқин келади. Исо Масиҳ: “Мен уларга ҳаёт, фаровон ҳаёт бериш учун келганман” деб, Ўзининг келиш сабаби ҳақида гапирган эди. У биз Унга ишониб абадий ҳаётга эга бўлишимиз учун келган.
  2. Исо Ўзининг Худо эканини таъкидлайди. Дунё  динларининг ҳеч бир намоёндаси ўзини Худоман, деб даъво қилмаган.
  3. Исо муқаддас ҳаёт кечирган ва яратган мўъжизалари - кўрнинг кўзларини очиши, кўлда қутурган бўронни тинчитиши, ўликларни тирилтириши, бир вақтнинг ўзида минглаб одамларнинг қорнини тўйғизиши билан Ўзининг илоҳийлигини намоён қилган. Дунё динлари намоёндалари ўзларининг доно мулоҳазалари билан танилган, лекин ҳеч бири Исо каби ўзларининг ажойиб мўъжизакор қудратларини кўрсатишмаган. Исо эса шундай дейди: “Менга ишонинглар. Мен Отамда ва Отам Менда ҳозирдир. Бордию бунга ҳам ишонмасангизлар, ақалла бажараётган ишларим орқали Менга ишонинглар” (Юҳанно 14:11).
  4. Кўплаб дунё динларига биноан одамлар ўз гуноҳлари учун ўзларини ўзлари жазолайдилар ёки ҳолдан тойдирувчи ўзини қурбон қиладиган диний маросимларни ўтказадилар. Исо эса бизга кечирим таклиф қилади. Чунки Худонинг Ўғли сифатида У бизнинг гуноҳларимиз учун тўлов тўлаган. “Биз ҳали гуноҳга ботган чоғимизда, Масиҳ биз учун ўлди. Бу Худонинг бизга бўлган муҳаббатидан далолатдир” (Римликларга 5:8). 
  5. Хочга михланганидан уч кун ўтиб Исо ўликлардан тирилди. Кўплаб динлар реинкарнация, яъни бошқа бир шаклда қайта-қайта туғилиш ҳақида гапиради. Исо ўлимидан олдин бир неча маротаба Ўзининг хочда ўлдирилиши ва ва учинчи куни тирилиши ҳақида айтган. Исо Ўзининг илоҳийлигини барчанинг кўз ўнгида исботлаб, ҳар қандай шубҳа ва гумонларга чек қўйишни хоҳлаган. Рим империяси бундан хабардор бўлган ва Исонинг қабри олдига одамларни яқинлаштирмаслик учун 11-14та соқчиларни қўйиб, қабр тепасига эса Римга тегишли бўлган муҳрни босиб қабрни қаттиққўриқлаганлар. Лекин барибир учинчи куни Исонинг танаси қабрдан йўқолган ва Исо тирик ҳолда 500дан ортиқ одамга кўринган. Дунёнинг ҳеч бир дини ўз намоёндасининг жисмонан қайта тирилгани ёки ҳеч бўлмаганда шу ҳақда гапиргани ҳақида айтолмайди.
Инжил хабари ўзига хос. У шунчаки шеърий, бир-бирига қовушмайдиган фикрлар йиғиндиси эмас. Инжил Худони ва бизнинг ҳаётимиз учун бўлган Унинг режасини бизга очиб беради. У инсоният тарихида даҳшатли нарса содир бўлиб, бу нарса оқибатида Худо билан инсон ўртасидаги муносабат бузилгани ҳақида хабар беради ва бу бузилган муносабатни қандай қилиб тиклаш кераклиги ҳамда бундан бизга қандай наф борлиги ҳақида тушунтиради.



Leave a Reply.