Кино усталари, рассом ва олимлар, хуллас, ҳамма Исо ҳақида ўзича “тасаввур”га эга, Исонинг ҳақиқатан ким эканлигини қандай билиш мумкин?

Дунёда Исонинг қандай бўлганлиги ҳақида ҳар хил фикрлар мавжуд. Хўш, уларнинг қайси бири ҳақиқат?

Телевидениеда Исонинг кўриниши

Ойнаи жаҳонда чиқадиган кўплаб тарғиботчиларни кўрган бўлсангиз, уларнинг юракларида нима борлигини пайқаш қийин эмас: бу ― сизнинг  чўнтагингиз. Сиз қанча кўп пул берсангиз (уларнинг хизматлари учун), Худо сизни шунча кўп баракалашини улар тез-тез ваъда қилишади.

Кўпчилик бу ҳаракатни қоралайди, чунки у Масиҳнинг таълимотига зиддир. Исо ҳеч қачон пул сўрамаган. Аксинча, У камбағалларни шиладиган ўша давр дин арбобларини танқид қилган. Бир куни Исо Қуддусдаги маъбадда олди-сотди қилаётганларни кўриб қолади (одамлар қурбонлик учун керакли нарсаларни шу ерда сотадиган ва оладиган бўлишган эди) ва арқондан дарра ясаб уларни маъбаддан қувиб чиқаради, уларнинг хонтахталарини ағдариб ташлайди. (Бу юмшоқ ва бўш тасвирланган Исога унча ўхшамайди!)

Исонинг илк шогирдлари ҳам Худонинг сўзидан “фойда манбаи” сифатида фойдаланганларни айблаганлар. Янги Аҳднинг кўп қисмини ёзган Павлус ҳам Масиҳни тарғиб қилишда ҳеч кимга “юк бўлмаслик учун” чодир тикиб тирикчилик қилган.

Моддий бойлик ҳеч қачон муваффақият калити бўлмаган. Уларнинг иқтисодий аҳволи қандай бўлишидан қатъий назар, Исонинг шогирдлари учун энг муҳими ички тинчлик, қувонч ва қаноатга эга бўлиш эди.

Санъатда Исонинг кўриниши

Исонинг суратлари Унинг Ердаги ҳаётидан анча кейин пайдо бўла бошлаган. Шунинг учун ҳеч ким Унинг кўриниши аниқ қандай бўлгани ҳақида ҳеч нарса дея олмайди. Муқаддас Китобда Исонинг ташқи кўринишига унча кўп эътибор қаратилмаган. Ишаъё китобида шундай дейилган: “Унда на чирой, на буюк бир кўриниш бор эди; биз Уни кўрдик, Унда бизни Ўзига тортадиган кўриниш йўқ эди“ (Ишаъё 53:2).

Унинг кўриниши қандай бўлганининг фарқи йўқ, чунки муҳими Унга ишониш. Ўликлардан қайта тирилгач, Исо шогирди Тўмага шундай деди: “Сен Мени кўрганинг учун ишондинг. Кўрмай ишонганлар қандай бахтлидирлар!” (Юҳанно 20:29) 

Кўпинча расмларда Исонинг тана ранги оқ-сариқдан келган, сочлари қизғиш ва кўзлари мовий қилиб тасвирланганини кўрамиз. Африка рассомчилигида эса Унинг тана ранги тўқроқ  қилиб тасвирланса, Осиё рассомлари Уни осиёча кўзлар билан тасвирлайди. Лекин, табиийки, бу тасвирларнинг ҳаммаси ҳақиқатдан узоқда. Ахир онаси томондан қарасак, Исо яҳудий бўлган (Отаси эса Худо). Шундай экан, Исо ташқи кўринишдан яҳудий кишисига ўхшаган бўлиши мумкин.

Исонинг Ирқий Тасвири

Асосан ғарбий яримшарда яшовчилар Масиҳнинг издошларидир, деб ҳисоблашади. Лекин  масиҳийлик эътиқоди аввало Яқин Шарқда бошланган ва у ердан бутун ер шари бўйлаб тарқалган. Масалан, бугунги кунда ҳам Африка ва Осиёда миллионлаб одамлар ўзларини Исонинг шогирдлари деб ҳисоблашади.  Энг катта масиҳийлик жамоати эса Кореяда жойлашган.

Инжил бизга Исога имон келтирувчилар ҳар хил миллатлардан, барча қабилалар, халқлар ва тиллардан бўлган одамлар бўлишини айтади (Ваҳий 7:9). Шундай бўлсада, бирор миллат ёки халқ бутунлигича Исога ишонишини тасаввур қилиш қийин. Ғарбда ўзини масиҳийман деб ҳисоблаганларнинг ҳаммаси Исонинг ҳақиқий издошларидир, деб ўйлаш, шубҳасиз, гўлликдир. Ҳар ҳолда Исо шундай деган: “Тор эшикдан киринглар! Чунки ҳалокатга элтувчи йўл кўп энли, дарвозаси эса кенгдир. Ана шу томонга юраётганлар кўп. Ҳаёт сари элтувчи йўл эса танг, эшиги жуда тордир. Бу йўлни топадиганлар оз” (Матто 7:13,14).

Балки, ҳисоблаб кўрилса, Америкадаги масиҳийлар сони, масалан, Африкадаги масиҳийлар сони билан тенгдир. Биз буни аниқ билмаймиз, лекин Худога бу аён. Ёлғиз У одамларнинг юракларини билади. Ким У томонга ҳақиқатан бурилди-ю, ким бурилмади ― ҳаммасини У билади. У одамларнинг ирқига қараб ажратмайди ва юз-хотирчилик ҳам қилмайди (Ҳавор. 10:34,35).

Исо Файласуфлар Назарида

Баъзи бугунги кун замонавий дин “олимлари” Исони ўзларига қандай қулай бўлса, шундай тақдим этишни хоҳлайдилар. Улар Исодаги ўзларининг таълимотига мос келмайдиган жиҳатларни (Янги Аҳддаги Хушхабар китобларида) инкор этмоқчи бўладилар.

Уларга, асосан, доно, илҳомлантирувчи ва заковатли Исо керак. Муқаддас Китобда учрайдиган бу каби хислатларнинг барчасини улар тарихий ва қабул қилса бўладиган факт сифатида тан оладилар. Лекин Исонинг куч-қудрати, илоҳийлиги, гуноҳларни кечира олиш ёки абадий ҳаёт тақдим этиш қудрати ҳақидаги ёзувларнинг барчасини рад этишади.

Агар биз Исонинг бу тасвирини қабул қиладиган бўлсак, унда савол туғилади: Хўш, агар Исо бор-йўғи илҳомлантирувчи (руҳлантирувчи) устоз бўлган бўлса, унда нега Уни азоблаб, хочга михлашди? Ва яна, агар Исонинг Ўзи ҳақида айтганларини рад этадиган бўлсак, Унинг ҳаёт ҳақида айтганларига қандай суяна оламиз ва Унинг Ўзини қандай таниб-била оламиз? Ва ниҳоят, Унинг илк издошларини Исо ҳақида, Унинг гуноҳларимиз учун ўлими ва мўъжизавий қайта тирилиши ҳақида эълон қилиб, бу учун ҳатто ўлимгача боришларига нима мажбур қилди? Агар Исо фақатгина ўқитувчи  бўлган бўлса, Худо бўлмаган бўлса, унда нима учун сон-саноқсиз шогирдлари ўз имонларини ҳимоя қилиб, У учун жон бердилар?

Исо ― Худонинг Ўғли, ва бир вақтнинг ўзида Устоз ҳам, Муқаддас Китобда У ҳақда ёзилганларнинг барчаси эса тарихий ҳақиқатдир, деб тан олишимиз мумкинми?

Ҳақиқий Исо

Исони телевидение, санъат ёки фалсафа берадиган маълумотлар орқали таниб-билишдан кўра, Исо бизни Муқаддас Китоб, яъни Худонинг Сўзи орқали Уни тиниб-билишга чақиради. Биз Унинг ёнига келишимизни ва Унинг Ўзи бизга Ўзи ҳақида гапириб беришни Исо хоҳлайди. Шунинг учун ҳозироқ “Юҳанно” деб номланувчи бўлимни ўқиб, Уни таниб-билишни бошлашингиз мумкин.

Исонинг ҳаётига қисқача назар ташлаш ва нима учун бу кўр-кўрона имон эмаслигини билиш учун эса, марҳамат,  Шунчаки Кўр-Кўрона Имон Эмас мақоласига қаранг.


Your comment will be posted after it is approved.


Leave a Reply.