Picture
Яқинда бир мусулмон дустимиз ёзган мақолада Таврот, Забур ва Инжил китобларини ўзида жам қилувчи Эски ва Янги Аҳд битиклари турли пайғамбарларга тарихнинг турли вақтларида Худованди Карим томонидан нозил қилинган бўлиб, айни вақтда Қуръоннинг ҳам ҳақиқий Муаллифи ўша Худованди Карим эканлиги ҳақида баён этади. Дустимиз фақат шу иддао билан чекланиб қолмасдан туриб, Қуръондан аввалги китоблар ўзгартирилганлиги ва шу сабабли ундан аввалги барча Муқаддас Битиклардаги Худованди Карим сиймоси бутунлай ўзгача тус олганлигини ва Қуръондаги Аллоҳ сиймоси ва сифатлари билан айнан шу сабабли мос келмаслиги сабабини илгари суради.

Бу ростдан ҳам шундайми? Биз биламизки Қуръондан аввалги Муқаддас Битиклар ҳеч қачон ўзгармаган ва ҳаттоки Қуръон муаллифи ҳам буни ёрқин тасдиқлайди. Унда нега Қуръондаги Аллоҳ сиймоси ўзидан аввалги китобларда тасвирланган Худодан ўзгача тасвирланади? Агар Қуръондаги Аллоҳ ҳақ бўлса, ундан аввалги Битиклардаги Худо ноҳақ бўлиши лозим. Шунингдек, агар Қуръондан аввалги Битиклардаги Худованд ҳақ бўлса, унда Қуръондаги Аллоҳ қалбаки бўлмоғи зарур бўлади.

Келинг мен сизга буни бир мисол орқали тушунтиришга ҳаракат қиламан.

Тасаввур қилинг, сиз энг машҳур бўлган бир сиёсатчидан бутунлай ўзга газеталарда чоп этилган икки хил суҳбатни ўқидингиз.

Сиз синчковлик билан ўқиганингизда бу иккала суҳбат бир бирига умуман қарама қарши эканлигига гувоҳ бўласиз ва иккала суҳбатдан қайси бири ҳақиқий ва қайси бири қалбаки экан дея ўйлашни бошлайсиз. Аммо уларнинг иккаласи ҳам ўша сиёсатчининг суҳбати эканлигига даъво қилади. Аслида эса улардан бири ҳақиқий, иккинчиси қалбаки эканлиги ушбу суҳбатлардаги қарама қаршиликлар туфайли яққол намоёндир.

Вазиятни озгина ўрганиб, бу суҳбатлардан бири ҳаққоний, иккинчиси эса бир журналист томонидан ўйлаб топилганлигига иқрор бўласиз. Баъзи сабабларга кўра ушбу журналист (таҳририят томонидан босим туфайли ёки ушбу суҳбат ўз таҳририятига шуҳрат ва фойда  олиб келади дуб ўйлаши туфайли) у сиёсатчини жуда ҳам яхши биламан деб ишонади ва ишонч билан ҳаққоний суҳбатга ўхшаш қалбаки суҳбатни тайёрлаб босмадан чиқаради.

Ростдан ҳам ушбу журналист бу суҳбатнинг ҳаққоний чиқишлиги учун жон жаҳди билан харакат қилади. Журналист ушбу сиёсатчининг ўтмишдаги ҳаммага маълум бўлган муваффақиятларини тилга олади ва одамлар у ҳақда айтган ва тилдан тилга ўтган воқеаларни ҳам ҳам ушбу сиёсатчининг тилидан ҳаққоний чиқишлиги учун баён этади.

Бу қалбаки суҳбат шунчалик ишонарли ёзилганки, агар ҳақиқий суҳбат бўлмаганда унинг қалбаки эканлиги ҳеч қачон юзага чиқмасди. Иккала суҳбат бир бирига бутунлай қарама қаршики, фақат улардан биттасигина ушбу сиёсатчининг ҳақиқий суҳбатидир ва фақт биттасигина ҳаққоний ҳисобланади.

Кўраяпмизки, ҳам ҳақиқий ва ҳам қалбаки суҳбат ушбу сиёсатчи ҳақида. Уларнинг ўртасидаги фарқ мавзу ҳам, иддао қилинган ҳақиқий манба ҳам эмас, балки уларнинг бири ушбу сиёсатчининг ҳақиқий сўзи ва иккинчиси бошқа инсон томонидан тўқиб чиқарилган суҳбатдир.

Албатта, Қуръон ҳам худди шундай бир хил Худо ҳақида гапиради ва кўришимиз мумкинки, агар Худо ўзининг ваҳийсини яна инсониятга юборадиган ваҳий  тушиши оддий одамлар томонидан қандай тахмин қилинган бўлса, Қуръоннинг муаллифи Худони худди шундай гапиртиришга ҳаракат қилади. Қуръон ҳам ва ундан олдинги нозил қилинган китоблар ҳам бир хил Худо ҳақида гапираётганлигини инкор қилмаймиз, аслида бизни қизиқтираётган савол уларнинг манбаи бир хил Худоданми? Қуръон ва ундан аввалги китобларни синчковлик билан ўрганганлигимиз сабабли, ушбу савол бизни ўйлантиради. Қуръон ва ундан аввалги Муқаддас Битиклар  манбаи ростдан ҳам битта манбадан, яъни Ҳақиқий Худоданми?

Қуръон ва ундан аввал нозил қилинган Муқаддас Китоблар ростдан ҳам кўп жиҳатдан бир бирларига ўхшаб кетади.Бу ўхшашлик худди биз қалбаки суҳбат тайёрлаган журналист услубига ўхшайди. Чунки у журналист ушбу сиёсатчи томонидан рад қилинганлиги сабабли, ўзи энг яхши маълумот деб ўйлаган манбалардан, сиёсатчининг аввалги суҳбатларидан ва одамлар орасида кенг тарқалган сиёсатчининг ишлари ва суҳбатларидан кенг фойдаланган эди ва ростдан ҳам унинг қалбаки суҳбати ҳақиқий суҳбатга ўхшаб кетарди. Лекин у қанчалик қалбаки суҳбатни безашга ҳаракат қилмасин, қалбаки суҳбат қалбакилигича қолиб кетаверади.

Қуръонда тилга олинган Худо аслида бир хил Худо ва мусулмонлар дустларимиз ушбу Худога ва ягона яратувчига ушбу Қуръон муаллифи тасвирлагандай сиғинадилар. Муаммо Мусулмонлар ва Масиҳийларнинг Худоси биттами деган савол эмас, чунки бутун дунёни, масиҳийларни ҳам, мусулмонларни ҳам ягона Худо яратган. Муаммо улар ўзларининг Худодан нозил қилинган деб даъво қилаётган китобларининг муаллифи ростдан ҳам ягона Хақиқий Худованди Каримми? Ҳеч қандай шубҳасиз: Қуръон ўша яратувчи ҳақида ва яратувчи номидан гапиради, лекин у аслида Ягона яратувчи Худо томонидан нозил қилинганми?

Қуръон ва ундан аввалги Муқаддас Битиклар бир хил мавзу ҳақида гапирадилар, лекин уларнинг манбаи бир хилми? Лекин Қуръондаги мавзулар ва ундан аввалги Муқаддас Битиклардаги мавзуларнинг қарама қарши эканлиги бунинг аксини ифода этади.

Биз келтирган мисолимиздаги журналист балки алданган бўлиши ҳам мумкин. Келинг мен сизга яхшироқ тушунтиришим учун журналист ҳақидаги мисолимга яна қўшимча киритаман. Аслида воқеа қўйилагича бўлган бўлиши ҳам мумкин.

Тахмин қилайликки, журналист ўша сиёсатчидан суҳбат олишни ҳоҳлаган, лекин у ўзини ўша сиёсатчининг яқин ёрдамчисиман деб таништирган ва даъво қилган ўзга одамдан олган бўлиши ҳам мумкин. "Сиёсатчи жуда ҳам банд, лекин мен унинг энг яқин ёрдамчиси бўлганлигим учун, унинг номидан тўла кафолат билан гапиришга ва унинг фикрлари ва қарашларини баён этиш учун вакил қилинганман ва ҳар қандай маълумот билан бўлишишим мумкин," дея айтгандир.

Шунинг учун журналист қуруқ қўл билан қайтиб кетмаётганидан хурсанд бўлиб, ўзини сиёсатчининг ёрдамчисиман дея иддао қилган шахсдан барча саволларига жавоб олади ва ушбу суҳбатни ўз газетасида чоп этади.

Журналист ушбу суҳбат тўла қонлигича сиёсатчининг фикрлари ва қарашларини ўзида айнан акс эттиради деб қаттиқ ишонади. Лекин кўп вақт ўтмай ушбу қалбаки суҳбат сиёсатчининг ҳақиқий суҳбати билан солиштирилганида, ўзини сиёсатчининг ёрдамчиси дея таништирган шахснинг қаллоб эканлиги очиқ намоён бўлиб қолади ва журналистнинг барча ёзганлари аслида тўқима эканлиги ошкор бўлади.

Яъни журналист ёлғончи бўлмаслиги мумкин, лекин унинг манбаи ёлғон эди. Бу мисолда ҳам кўришимиз мумкинки, манба ёлғон бўлишига қарамасдан, ушбу ёлғон суҳбат ҳақиқийга ўхшаб туюларди. Лекин ҳақиқий суҳбат билан солиштирилганида у қалбаки бўлиб чиқди.

Энг Муҳим саволимиз қўйидагича:

Қуръон ростдан ҳам Ягона Яратувчи Худоданми?

ва яна шунга ўхшаш

Муҳаммад Битта ва Ягона бўлган Худованд томонидан юборилган пайғамбарми?

Ушбу "Агар Худодан бўлмаса, унда унинг манбаи нима?" саволини юқорида сўраган бўлсамда, бу савол мен учун унчалик аҳамиятли эмас. Агар унинг Худодан эмаслигини аниқ билиб олсам, мен учун ушбу китобнинг қайси куч ёки манба орқали юзага келганлигига жуда ҳам кам қизиқишим қолади. Бошқа инсоний манбаларданми? Муҳаммаднинг ўз илҳоми ва атрофидаги яҳудий ва масиҳий манбаларданми? Шайтоний манбами? учаласининг қўшилмасиданми? Яна қандайдир номаълум манбами? Буларнинг бариси унча қизиқиш ўйғотмайди. Агар у Ҳақиқий Худодан бўлмаса, ушбу китобга ишонмайман ва мен учун бу китобнинг манбаси қизиқарли эмас.

Бу мақолани ёзишимдан мақсад Қуръоннинг Худоси ва ундан аввалги Муқаддас Битикларнинг Худоси битта Худо бўлиши мумкин, лекин ушбу китобларнинг муаллифи ва манбаи бутунлай бошқа бошқа бўлиб, бири ҳақиқий ваҳий орқали, иккинчиси қалбаки ўйдирма орқали ёзилган эканлигини кўрсатиб беришдир.

Мусулмон дустларимиз Қуръондан аввалги Муқаддас Битиклар ҳақида ҳам худди шундай саволларни қўйишлари табиий. Улар бугунлик кунда биз севиб ўқийдиган илоҳий ваҳийлар манбаи Муқаддас Китоблар ўзгартирилганлигига ишонадилар. Шунинг учун мусулмон дустларим ҳам мен қўллаган журналист ва қалбаки суҳбат ҳақидаги мисолимни ҳам Қурҳондан аввалги Муқаддас Битикларга қўллашга ҳаракат қилишлари табиий ҳол ва бу шуни кўрсатадики, Мусулмонлар ҳам, Масиҳийлар ҳам ўз китобларининг манбаи ҳар хил эканлиги қатъиий ишоандилар. Қуръон ҳам ва ундан аввалги Таврот, Забур, пайғамбарлар китоблари ва Инжилни ўзида жам қилгувчи Муқаддас Битиклар ҳам бутунлай бошқа манбалар асосида юзага келганига исботдир. Мусулмон дустларимиз Қуръон ўзидан аввалги китобларда тасвирланган Худо ҳақида гапиришига ишонсаларда, лекин Муқаддас Битикларнинг манбаи бошқа деб тушунадилар. Биз эса барча китоблар бир хил Худо ҳақида сўзлаган бўлсада, уларнинг манбаи бир хил эмаслигига ишонамиз.

Бизнинг ҳам Қуръонга нисбатан айбловимиз мусулмон дустларимизнинг Муқаддас Битикларга қарши айбловларига ўхшаш айблов бўлганлиги сабабли ҳеч қандай хафа бўлмасликлари лозим. Аслида, бундан бошқа чора ҳам йўқ. Ҳатто буни масиҳийлар баъзи сабабларга кўра мусулмон дустларимиз каби очиқ ойдин баён эта олмасаларда, ҳақиқат аслида шундай: "Агар у Худодан бўлмаса, унда у қалбаки китоб ва унинг воситачиси ёлғончи бўлмасада, лекин манбаи ёлғон ёки бошқа сабаблар туфайли Худога нисбат берилади."

Асл саволимизга қайтайлик: қуръон ва ундан аввалги муқаддас битиклар бутунлай бошқа Худо ҳақида гапиради дейдиганлар аслида уларнинг "мавзуи," "таркиби" ва "манбаи"ни чалкаштирадилар деб ишонаман. Чунки қуръон ва ундан аввалги муқаддас битиклар ростдан ҳам турли хил таркибга эгалар ва шунинг учун Худо ҳақидаги тушунчалар ҳам ҳар хил деб айтадилар. Қайсидир маънода Худо ҳақидаги тушунчалар ҳар хил бўлганлиги сабабли, ростдан "бошқа" Худо деб айтиш ўзини оқлайди.

Масиҳийлар ва мусулмонлардан Худо ҳақида турли сифатларни эшитиш орқали баъзилар учун улар турли Худолар ҳақида гапираётгандай туюлади ва бу табиий ҳол. Бошқалар эса улар битта Худо ҳақидаги гапираётган эканликларини тушунадилар, лекин Ягона Яратувчи Худога ишонсаларда уларнинг фикрлари ҳар хил бўлганлиги сабабли, улардан бири нотўғри деган хулосага келадилар.

Мисол учун агар бир уйни кўрсатиб, бу уй бутунлай қизилга бўялган десам, лекин бошқа одам эса бу уй бутунлай яшилга бўялган деб айтса, унақада бу ерда икки хил ҳолат бор: Биз бутунлай бошқа бошқа уйлар ҳақида гапираётган бўлишимиз мумкин (иккита ҳар хил худо), ёки ростдан ҳам битта уй ҳақида (Худо) гапираяпмиз, лекин биримиз нотўғри маълумот бераяпти.

Лекин иккаламизга ҳам бу "маълумот" бошқа йўллар билан келган (оғзаки яъни тилдан тилга ва ёки ёзма равишда)  "Худо ҳақида билганларимиз" бир биридан фарқ қилса, Худо ҳақидаги тушунчамиз ҳам хар хил бўлади. Биз Худога тушунчаларимизга қараб сиғинамиз. Умуман олганда, бизнинг ҳар хил тушунчаларимиз ҳар хил Худолардир. Агар қизил уй ҳақида ўйласам, хаёлимда қизил уй гавдаланади. Агар яшил уй ҳақида фикр юритсам, унақада хаёлимда яшил рангли уй вужудга келади. Мен ҳар хил рангда ўйлаган уйлар аслида бутунлай бошқа бошқа уйлардир. Шунинг учун Худо ҳақидаги ҳар хил маълумотлар хаёлимизда ҳар хил "худолар"ни шакллантиради ва биз ўзимизча ўзимиз билган "худога" сиғинамиз. Шу маънода, худоларимиз ҳар хил. [Худди шу маънода, мусулмонларнинг ўзаро "тасаввурларидаги худолари" ва шунингдек, масиҳийларнинг ўзаро "тасаввурларидаги худолари" турличадир, сабаби уларнинг барчалари Худо ҳақида қандайдир фарқли ўзгача тушунчаларга эгалар.]

Ўйлайманки сизни камида бир маротаба бўлсада шу мавзу ўйлантирган бўлса ва бу мақола сабабли яна шу туғрисида ўйлаган бўлсангиз, умид қиламанки сиз ўз саволларингизга жавоб топасиз ва агар қўлимдан келса сизнинг саволларингизга жавоб беришга тайёрман.

Кейинги қадамимиз биз тилга олган "икки суҳбат" ёки "икки ваҳий"ни қайси бири ҳақиқий манбага асосланганлиги яъни ҳақиқий Худодан келганлигини синчковлик билан ўрганиш ёки улардан бири  ҳақиқий Манбага иддао қилсада, аслида қалбаки эканлигини кўрсатиб берадиган далилларни ўрганишга бағишланади.




Leave a Reply.